Ғалати санъат
ҒАЛАТИ САНЪАТ
Болангизни қарғаманг,
Дуо қилинг болани.
“Ит”, “Эшак” деб сўкишга,
Ҳаё қилинг болани.
Расуллулоҳ дердилар,
Юзларидан ёғиб нур:
“Болалар бу-жаннатнинг
Гулу райҳонларидир”.
Тўғри баъзида “Гулу
Райҳон”лар ҳам куйдирар,
Шўхлиги ошиб кетса,
Жонингиздан тўйдирар.
Бобом дерди: “Болани
Сўкмоқ асли эмас эп,
Жаҳлингиз чиқса айтинг:
“Нодон” ёки “Хумпар” деб
“Бой бўлгур”, “Кўпайгур”денг
Асло деманг “Ўл”, “Лаънат”
Шуни билиб қўйингки,
Сўкиниш ҳам бир санъат.
Қанийди пайғамбардай
Сўксангиз,қилсам ҳузур
Ул зот дердилар,сўкса:
“Бурнинг ерга ишқалгур”.
Тилдан чиққан ҳар сўзда,
Маърифат,зиё бўлсин,
Ҳатто сўкишингиз ҳам,
Яхши бир дуо бўлсин.
Ихлос билан қилинган,
Ҳар ниятинг ушалар,
Ҳар сўзга кўкда “Омин!”,
Деб турар фаришталар.
“Ит” десангиз,ит бўлиб,
Ўзингизни қопади,
“Эшак”дан эшак,ҳар ким
Ўз тилидан топади.
Фарзандингиз билан эл
Фахрланиб яшасин,
Иту эшак феъллардан,
Парвардигор асрасин.
Олим,шоир,ҳунарманд,
Полвон бўлсин болалар
Юртга керакли,ҳалол
Инсон бўлсин болалар.
Болангизни сўксангиз,
“Пошшо бўлгур”,деб сўкинг,
“Олим бўлгур”, “Хизрга
Ошно бўлгур”,деб сўкинг.
Оғиздан чиққан ҳар сўз,
Марҳабо,билки,кушод.
Инсон маърифатини
Ўлчайдиган даражот.
МАРХАБО КАРИМОВА