Ёшлигимни эслаб
Янги тонг отипти кўзимни очсам;
Ўзимга ёшлигим қайтганмиш шундоқ.
Шундоқ ўн саккизга яна кирипман,
Яна ёшарипман, қарасам бундоқ.
Тангрим, имконингни чақир ёнимга,
Юзин силаб ўпай -- пешонасидан.
Энди кўришгунча, хайр ўтмишим,
Айланай ёшлигим кошонасидан.
Воҳ , такрор кетяпман мактабим томон;
Устозларим кўриб хурсанд жуда хам.
Ўша янги туфли, қора кастюм-шим,
Бўйинбоғ жойида, севимли сумкам.
Ҳув синфнинг ёнида турган эмушсан,
Мен-чи қарамадим, боқмадим асло.
Хатто, пинагимни бузмасдан ўтдим,
Чунки, ҳанузгача ўқирдим аъло.
Менга ишқ дегани энди бегона,
Нозинг ҳам керакмас кулиб атайин.
Совчилар келяпти-дея, қўрқитма,
Кузатмайман тамом, ростин айтайин.
Тинч қўйгин хаёлим севганинг ёлғон,
Бошқасин топиб ол : ўзлигингга хос.
Олийгоҳга кириб ўқишим муҳим,
Қайтиб қўнғироқлар қилма илтимос?!
Элёр ЖЎРАЗОДА