Онамдир

Онамдир
Ота - Она
03.05.2017, 21:58
432
0
ОНАМДИР

Керак бўлса агар бир жон мен учун,
Жонини бермоққа тайёр онамдир.
Худо менга синов юборса нечун,
Мен қолиб кўргани озор - онамдир.

Жонажон дўстларим бугун учун бор,
Бугун келган бўлса бир кун кетар ёр,
Не сирки юзида ажин сочда қор,
Лекин кўнгли ҳамон баҳор - онамдир.

Пойингизда тупроқ тик бошим - онам,
Ҳуснингиз ҳуснимда кўз қошим - онам,
Осмоним, юлдузим, қуёшим - онам,
Ҳар тонг йўқлагувчи наҳор - онамдир.

Ранжитсам ранжини ичга ютгувчи,
Бормикан онамдек мени кутгувчи,
Кўзимдаги ёшга ҳовуч тутгувчи,
Қалби дарё ўзи анҳор - онамдир.

Дунёлари кўнмас битта шартимга,
Етса онам етар маним қадримга,
Юраги сезади дилда дардимга,
Харидор онамдир, бозор - онамдир.

Яратган эгамим сийлаб онамни,
Ҳасан Зуҳра берди ўйлаб онамни,
Худодан бахтини тилаб онамни,
Яшайман менга бир даркор - онамдир.

Билмасдим, билганимдан ҳам қолмадим,
Ишонганим чирой қадди қомадим,
Онам бахт туморим онам омадим,
Ижодим, битганим ашъор - онамдир.

© Зуҳра АЛИЗОДА
Ctrl
Enter
Заметили ошЫбку
Выделите текст и нажмите Ctrl+Enter
Комментарии (0)