Улмасбек Самаркандий
Ҳамма гап айтилган муҳаббат ҳақда,
Янги деб битишга арзирли сўз йўқ.
Ева, Жулетталар қўл етмас ёқда,
Кумушдан, Раънодан ёзишга юз йўқ.
На аслин, на наслин ўтирмай ўйлаб,
Ҳар ошиқ йигитни атадик Тохир.
Учраган малакни чиройин сўйлаб,
Зуҳрога ўхшатиб чарчадик, охир!
Муҳаббат - олисдан нур сочган чирой,
Ул кўҳна садоқат қўшиғи тинди.
Наҳот танҳо қолур ерда Оқсарой,
Ҳеч ким Тожимаҳал қурмайди энди!
Одамлар севилмоқ сеҳрин унутди,
Ҳам гуллаб, ҳам сўлар бир баҳорида.
Муҳаббат кўнгилдан қўлларга ўтди,
Ишқ эса яшайди рўзғор ғорида.
Энди ул туйғулар ўтмишга ҳадя,
Қулоқ тутилмас дил нолаларига.
«...Бир пайтлар бир-бирин севишган...», дея,
Эртак айтиб берар, болаларига!
Энди кўнгил иши аталгай майда,
Энди касб этди дил давлат йиғишни.
Ёзишга арзирли муҳаббат қайда,
Бас қилинг оналар шоир туғишни!
Оғриқ уйғонмоқда кўксимда ёмон,
Бир овоз келмоқда, бешафқат, разил.
Хайр, муҳаббатга лиммо-лим замон,
Ассалом, эй сенга севгисиз аср!
Ўлмасбек Самарқандий.
15 феврал, 2017 йил.