Зухра Ализода
РАФИҚАНГИЗ МЕНИ
КЕЧИРСИН!
{Илтимосга биноан...}
Мен ўрганиб қолдим, майлига,
Сизсиз тонглар отсин кеч кирсин.
Қанча озор бердим қалбига,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Адашдик ҳар қадам ҳар ишда,
Хато эди биз қурган ришта,
Ёнингиздаги ёр фаришта,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Наҳот гулмас бир тош бўлсам ман,
Бир кун паймонаси тўлсам ман,
Гуноҳларга ботиб ўлсам ман,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Иккимизнинг йўлимиз бошқа,
Озор берманг у қаламқошга,
Арзимасман кўздаги ёшга,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Етар уни алдаманг ортиқ,
Рашки жонга бермасин оғриқ,
Ишқ деб аро йўлларда қолдик,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Бахт бермади менга бу шаҳар,
Чиройлимас қуёш чиққан саҳар,
Айтинг унга кечиролса агар,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Ўғлингиз отасиз қолмасин,
Қизингиз кўнглига олмасин,
Мени Оллоҳимга солмасин,
Рафиқангиз мени кечирсин!
Майли ёлғиз ўтай дунёдан,
Сиз ҳам кечинг энди Зуҳродан,
Сизларга бахт тилай Худодан,
Рафиқангиз мени кечирсин!